Тошкентда тезюрар автобуслар қайси йўналишларда ҳаракатланиши маълум қилинди

Тошкент шаҳрида ҳорижий консултантлар томонидан 3 та йўналишда: Чилонзор буюм бозори, Чорсу савдо маркази, ТТЗ йўналишларида BRT (Bus Rapid Transit) — тезюрар автобус хизматини ташкил этиши таклиф этилмоқда. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» ахборот хизмaти хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, бунда Чилонзор буюм бозори—Чорсу савдо маркази йўналишининг ўртача масофаси 20,6 километр, тасарруф тезлиги 25 километр/соат, ўртача қатнов вақти 50 дақиқа, оралиқ интервал 4 дақиқани, ташилиши кутилаётган йўловчиларнинг ўртача оқими 42 мингтани ташкил этади. Йўналиш ҳаракатланадиган кўчалар: Навоий кўчаси 6,2 километр, Шаҳрисабз кўчаси 3,2 километр, Ш.Руставели кўчаси 6,2 километр, Гавҳар кўчаси 2,4 километр, Бунёдкор кўчаси 2,6 километрни ташкил этади.

Шунингдек, Чорсу савдо маркази—ТТЗ йўналишининг ўртача масофаси 20 километрни ташкил этиб, тасарруф тезлиги 25 километр/соат, ўртача қатнов вақти 48 дақиқа, оралиқ интервал 3 дақиқани, кунлик ташилиши кутилаётган йўловчиларнинг ўртача оқими 27 мингтани ташкил этади. Йўналиш ҳаракатланадиган кўчалар эса: Юзрабод кўчаси: 2,18 километр, Феруза кўчаси 1,72 километр, М.Улуғбек кўчаси 7 километр, Махтумқули кўчаси 1,8 километр; Шаҳрисабз кўчаси 1,1 километр, Навоий кўчаси 6,2 километрни ташкил этади.

Маълум қилинишича, ушбу алоҳида йўлакларда ҳаракатланувчи автобус йўналишларини ташкил этиш орқали, кунлик йўловчи оқими 122 мингдан зиёд йўловчиларга транспорт хизматларини кўрсатиш режаллаштирилмоқда. Хабарда айтилишича, мазкур йўналишларда жойлашган 36 та чорраҳаларни қайта лойиҳалаш ишлари кўзда тутилган бўлиб, алоҳида йўлакларда ҳаракатланувчи автобус йўналишларини такрорловчи 50 та автобус ва 8 та йўналишли такси йўналишларининг ҳаракатига ўзгартиришлар киритилади.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида мазкур тизим яратилиши орқали одамларнинг бир манзилдан иккинчи манзилга шахсий ёки енгил автомобилга нисбатан жамоат транспортида тезроқ етиб бориши таъминланади. Бу эса ўз навбатида, аҳоли учун шахсий автомобилдан кўра жамоат транспортида ҳаракатланиш афзалроқ ҳисобланади.

Aввалроқ Тошкентда автобус йўналишлари нима сабабдан қисқартирилгани айтилган эди. Бунга кўра, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ автобус йўналишларининг ўртача масофасини салкам 5 километрга қисқартиришни режалаштирган. Тошкентда 2020 йилда 152 йўловчи ташувчи жамоат транспорт йўналишлари қайта кўриб чиқилган. «Тошшаҳартрансхизмат» раисининг сўзларига кўра, йўналишларнинг ўртача вақти ва ер усти жамоат транспортларининг кунлик юриш масофаси камайиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда жамоат транспортларида нақд пул орқали тўлов қилиш тизими бекор қилиниши мумкинлиги айтилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда кунига қанча фуқаро жамоат транспортидан фойдаланиши, Тошкентда ягона жамоат транспорти картаси пулли бўлгани маълум қилинган.

Янгиликлар