Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи қанчалиги маълум бўлди
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2020 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра 29,3 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати маълум қилди.
Хабар қилинишича бунда 18,7 миллиард доллар давлат секторига, 10,6 миллиард АҚШ доллар хусусий секторга тўғри келади. 2020 йил 9 ойи давомида Ўзбекистон тўлов баланси кўрсаткичларининг шаклланишига шаклланишига дунёда COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ички ва ташқи бозор ҳолатидаги ўзгаришлар, ташқи савдо айланмасининг пасайиши, глобал бизнес фаолияти секинлашиши ва молиявий хатарларнинг ортиши каби омиллар ўз таъсирини ўтказгани маълум қилинган.
Шунингдек, 2020 йил 9 ойи давомида жорий қилинган карантин чора-тадбирлари маҳаллий характер касб этиб, трансчегаравий пул ўтказмаларининг умумий ҳажмига салбий таъсири бўйича хатарлар рўёбга чиқмади. Резидентларга ўтказмалар 2019 йил мос даври даражасида сақланиб қолди. Бундан ташқари, олтин нархининг жаҳон бозоридаги ижобий динамикаси экспорт ҳажми қисқаришини қисман қоплаш имкониятини яратди.
Маълум қилинишича, юқоридаги омиллар таъсирида жорий операциялар ҳисоби 434,2 миллион АҚШ доллар (2019 йил 9 ойида 1,8 миллиард АҚШ доллар) ҳажмидаги дефицит билан шаклланди. Шунингдек, савдо баланси (товарлар ва хизматлар) ва бирламчи даромадлар манфий сальдоси (4,2 млрд. доллар) иккиламчи даромадлар ижобий сальдоси (3,7 миллиард АҚШ доллар) ҳисобига қисман қопланди. Ўзбекистоннинг соф халқаро инвестицион позицияси 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра 22,3 миллиард АҚШ долларни ташкил этди.
Халқаро инвестицион позициянинг иқтисодиёт секторлари бўйича таҳлили бўйича, январь–сентябр ойлари якунлари бўйича давлат бошқаруви сектори ҳамда бошқа секторлар «соф кредитор» позициясини сақлаб қолган бўлса, банк сектори «соф қарздор» позициясини эгаллаб турибди.
Молиявий ҳисобнинг манфий сальдоси 755 миллион долларни ташкил этиб, бу кўрсаткич резидентларнинг молиявий мажбуриятлари ортиши (6,1 миллиард АҚШ доллар) ҳамда резидентлар томонидан активлар қабул қилиниши (5,3 миллиард АҚШ доллар) оқибатида ҳосил бўлди.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг 1-ярим йилликдаги ташқи қарзи миқдори маълум бўлганди. Унга кўра, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигига, яъни 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 27,6 миллиард долларни ташкил этган. Шунингдек Ўзбекистонда Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси ташкил этилиши хабар қилинганди.