Қашқадарёда ўғлини ҳимоя қилиш учун ишкалга аралашган ота жароҳат олиб, шифохонада вафот этди
Қашқадарё вилояти Косон туманида 22 ноябрь куни ўғлини ҳимоя қилиш учун жанжалга аралашган ота тан жароҳати олиб, 11 декабрь куни шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, 22 декабрь куни 16:00 да Ҳ.Р. 24 ёшли М.Б.га ўзаро адоват сабабли қасддан тан жароҳати етказган ва қасд олиш мақсадида жанжалга икки нафар акасини жалб қилган. Бундан хабар топган М.Б. ҳам қариндошларини ёрдамга чақирган. Бу вақтда унинг 57 ёшли отаси М.М., 27 ёшли акаси М.Б. ва 35 ёшли поччаси Ж.М. ҳам жанжални олдини олиш мақсадида етиб келган.
Маълум бўлишича, Ҳ.Р. акалари билан биргаликда совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни ишлатиб 57 ёшли отахонга, унинг ўғиллари М.Б., М.Б. ва Ж.М.нинг турли жойларига қасддан уриб, турли даражада тан жароҳати етказган. Бунинг оқибатида улар Косон тумани тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида 8 декабрь куни Ҳ.Р. ва унинг икки нафар акасига нисбатан 104-моддаси 2-қисми «б,к,л» бандлари билан айблов эълон қилиниб, Ҳ.Р. ва унинг бир нафар акасига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги, яна бир нафар акасига нисбатан эса гаров эҳтиёт чораси қўлланилган.
Таъкидланишича, шифохонада кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, фуқаро М.М. олган тан жароҳати туфайли жорий йилнинг 11 декабр куни вафот этган. Жиноят иши эса Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» бандига қайта малакаланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда хотинининг бегона эркак билан ишқий муносабатда бўлганини кўрган эр уларни пичоқлаб ўлдирганди. Кейинчалик эркак пичоқлаганини билгани, лекин ўлдириб қўйганини сезмаганлигини айтиб, хотини ва унинг жазманини ўлдирган эр қотиллиги ҳақида гапириб берган.