Тошкент божхонасида ичига каннабис мойи солинган жўнатма ушлаб қолинди

Тошкент шаҳарида «Бош почтамт» божхона постида АҚШдан келган курьерлик жўнатмасида электрон сигарет картриджи ичида 0,71 грамм каннабис мойи борлиги аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси «Tez News»га маълум қилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Хабар қилинишича, курьерлик жўнатмаси ва унга тегишли ҳужжатларда 90 дона биологик фаол қўшимчалар бор эканлиги қайд этилган. Мазкур жўнатма рентген қурилмаси орқали назоратдан ўтказилганда, буюм ичида номаълум суюқлик билан тўлдирилган электрон сигарет картриджи борлиги аниқланган.

Экспертиза хулосасига кўра, электрон сигарет картриджи ичидаги суюқлик таркибида тетрагидроканнабинол ва бошқа моддалар мавжуд бўлган 0,71 грамм каннабис мойи эканлиги маълум бўлган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда 11 миллион сўмлик буюмларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган шахс ушлангани ва Aндижонда машинасида ҳеч қандай ҳужжатсиз 500 миллион сўмлик кийим-кечак олиб юрган шахс қўлга олингани маълум қилинганди. Шунингдек, Олтиариқда 60,5 миллион сўмлик тамакини Ўзбекистонга яширинча олиб кирган эркак аниқлангани хабар қилинганди.

Янгиликлар