Тошкент ҳокими шаҳарда уйлар нархи кескин кўтарилиши мумкинлигини айтди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 19 декабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида шаҳарда уйлар нархи кескин кўтарилиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентда қурилиш бўйича йирик лойиҳалар кўп қаватли уйлар нархлари ошишининг олдини олиш учун кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, 2,5−3 йил аввал уйларнинг нархи 1 квадрат метр учун 1500 доллардан кам бўлмаслиги прогноз қилинганини ҳам қайд этган. Бундан ташқари, ҳоким агар бугунгача Тошкентда оммавий қурилиш қилинмаганда, бугунги нархлар ҳам бўлмаслигини таъкидлаган:

«Кўпчилик ҳамма ёқ қурилиш, қум ва чанг бўлиб кетди, деб норози бўлди. Aгар бугунгача Тошкентда оммавий қурилишларни қилмаганимизда бугунги нархлар ҳам бўлмасди. Биз икки ярим–уч йил аввал ўтириб, яқин орада уйларнинг нархи 1 квадрат метрга 1500 доллардан кам бўлмаслигини прогноз қилганмиз. Хабарингиз бўлса, шаҳарда уйларни 2−3 та компания қурарди. Уйларни ҳам сотиш офислари бўлмас эди, қанақадир таниш топишингиз керак эди. Қайсидир офисларга чиқардингиз, тортмани очарди, ‘50 фоизини қўйинг, битганда оласиз’, дерди — 3 йил олдин».

Шунингдек, у ўтган давр мобайнида савдо офислари пайдо бўлгани ва хизмат сифати кескин ошгани, 3 йил ичида бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилганига тўхталиб ўтган.

«Aйтмоқчиманки, қурилишни ўз вақтида жадаллаштирганимиз учун шу нархлар бор. Aгар Тошкент шаҳрида қурилишни тўхтатиб қўйсак, нархлар кескин ошиши кузатиларди. Яъни дефисит пайдо бўлиб, ҳам ‘прописка режими’ бекор қилингани ҳисобига нархларнинг кескин ошишни бошлар эди. Шунинг учун биз бугун тезда катта-катта лойиҳаларни қилишга мажбур бўлмоқдамиз. Ва бунинг олдини олиш мақсадида қилишимиз керак. Чунки уйлар қимматлашгандан кейин, яъни камроқ даромат топадиган фуқароларимиз уй сотиб олиш даражаси кундан-кунга кескин камайиб кетади», — деб қўшимча қилган ҳоким.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев юқоридагилардан келиб чиқиб, лойиҳаларни жадал амалга ошириш, шунингдек, зарур инфратузилмани шакллантириш зарурлигини таъкидлаган.

Aввалроқ Тошкент ёшлар форумига маҳаллий бюджетдан қанча маблағ сарфланганигани ҳақда хабар қилинган эди.

Янгиликлар