Тошкент ёшлар форумига маҳаллий бюджетдан қанча маблағ сарфлангани маълум бўлди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Тошкент ёшлари форум—2020» доирасида ўтказилган матбуот анжуманида тадбирнинг ўтказилиши учун маҳаллий буджетдан 2 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилганини маълум қилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, форум учун маҳаллий бюджетдан 2 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган, бу жами харажатнинг 30 фоизини ташкил этади, қолгани ҳомийлар кўмаги асосида амалга оширилмоқда. Тадбирлар давом этаётгани сабабли умумий ҳаражат ҳозиргача аниқланмаган.

«Бир ойлик тадбирлар учун маҳаллий бюджетдан 2 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган, бу Форум учун жами харажатнинг 30 фоизини ташкил қилади, қолгани ҳомийлар кўмаги асосида амалга оширилмоқда. Умумий харажат ҳозирча аниқ эмас, чунки тадбирлар, совғалар улашиш давом этяпти. Ҳомийлар ҳозиргача ёрдам беришяпти», — дейди Тошкент шаҳар ҳокими.

«Маҳаллий бюджет учун пулни шунчаки ўзимиз қарор чиқариб эмас, маҳаллий кенгаш депутатлари олдида ҳимоя қилгандан кейин оламиз. Ҳар битта олинадиган совға, ҳар битта харажатни уларга тақдимот қилиб, исботлаб тушунтириб кейин оламиз. Ижтимоий тармоқларда жамоатчилик назорати кучайган. Эртага бу харажатларимиз ҳам тармоқларда ёритилиши аниқ. Биз бу харажатлар нима учун ишлатилганини ипидан игнасигача тушунтириб беришга тайёрмиз»,— деб қўшимча қилиб ўтди ҳоким ўринбосари Дурдона Раҳимова.

Аввалроқ  Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёшлар форумида ўз тақдимоти билан иштирок этиши ва форум матбуот анжуманида TikTok’ерларларга тақиқ қўймаслик кераклиги, улар эртага аҳамиятли шахсга айланиши мумкинлиги ҳақида айтгани маълум қилинганди.

Янгиликлар