«Улар эртага аҳамиятли шахсга айланиши мумкин». Жаҳонгир Ортиқхўжаев TikTok’ерларларга тақиқ қўймаслик кераклиги ҳақида
«Тoshkent City»да жойлашган «Congress Hall» мажмуасида «Тошкент ёшлари форум—2020» доирасида ўтказилган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев TikTok юлдузларининг тадбирда иштирок этиши бўйича берилган саволга жавоб берди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ҳокими «Тошкент ёшлари форум—2020» матбуот анжуманида TikTok’ни интернет оламининг бир қисми деб билишини айтган.
«Интернетда блогерлар ҳам бор, журналистлар ҳам бор, TikTok’ерлар ҳам бор ва уларни бир-биридан, яъни этни тирноғидан ажратиб бўлмайди. Юртимизда тиктокерларга тақиқ қўйиш эмас, уларни тўғри йўлга йўналтириш бўйича иш олиб боришимиз керак. Ёшларга тўғри йўл кўрсатиб, уларга тўғри йўналиш кўрсатиб, қилаётган ишларидан самарали фойдаланса бўлади, деб ўйлайман.
Менимча, ҳар нарсага тақиқ қўйиш ривожланаётган демократик давлатга хос нарса эмас. Улар билан бирга ишлаймиз, уларга таянч бўламиз, уларни ҳимоя қиламиз. Бугун аҳамиятсиз бўлиб кўринаётган TikTok’ерлар эртага аҳамиятли шахсга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Биз уларнинг ёнларида таянч бўлсак, бас», — дейди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Маълумот ўрнида, форум дастурига кўра, 19 декабрь куни «Тoshkent City» «Congress Hall»нинг «Сағбон дарвоза» залида TikTok ва Instagram юлдузлари билан учрашув бўлиб ўтади.
Аввалроқ энг машҳур ўзбек TikTok’ерлари рейтинги эълон қилинганди.