Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиалига янги раҳбар тайинланди

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректорининг тегишли буйруғига асосан 29 октябрь куни Фазлиддин Жўраев институтнинг Бухоро филиали директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда институт филиали матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: ТИҚХММИ Бухоро филиали матбуот хизмати

Жўраев Фазлиддин Ўринович 1966 йилда Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган. 1991 йилда Тошкент ирригация ва қишлок хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини томомлаган. Техника фанлари доктори, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1983 йилда Ғиждувон туманидаги Районобод қишлоқ советига қарашли Пахтаобод колхозида ишчи сифатида бошлаган. Шунингдек, Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технолигияси институтида муҳандис-дастурчи, катта ўқитувчи, Ғиждувон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи директори сифатида фаолият юритган.

Бу лавозимга қадар у Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиалида умумкасбий фанлар кафедраси мудир, илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосари лавозимларида фаолият юритиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали директори Нусрат Муродов 52 ёшида вафот этгани ҳақида хабар қилинганди.

Аввалроқ Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига янги раҳбар ва Шофиркон тумани ҳокимига янги ўринбосар тайинлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар