Бухорода Lacetti 2 нафар ўқувчини уриб кетди
Бухоро вилояти Қоракўл туманида Lacetti ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойида 2 нафар ўқувчини уриб юборди. Автоҳалокат оқибатида улардан бири касалхонада вафот этди. Бу ҳақида вилоят ИИБ хабар бермоқда.
Маълумот берилишича, Қўракўл туманида Lacetti ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан қизил чироқда ўтаётган 3 нафар ўқувчи қиздан 2 нафарини уриб юборган.
Ҳодиса 2 октябрь куни соат 05:54 ларда туманнинг «Эски-қалъа» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи йўлда содир бўлган.
Lacetti ҳайдовчиси О.М. туман марказидан Автошоҳбекат томон ҳаракатланиб бораётган вақтида 15-сонли ИДУМ тўғрисида жойлашган тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойидан ўзига нисбатан ўнгдан чапга ўтаётган пиёдаларни уриб юборган.
Ҳодиса оқибатида бир нафар пиёда олган тан жароҳатри сабабли Қоракўл туман касалхонасида вафот этган. Иккинчи пиёда айни пайтда касалхонада даволанмоқда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳайдовчи жиноят процессуал тартибда ушланмоқда.
Аввалроқ, Юқори Чирчиқда мактаб ўқувчиси билан боғлиқ автоҳалокат ҳақида хабар берган эдик.