Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди

Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни муҳокама қилдилар, яқин йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айланмасини 30 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда

Бишкек шаҳрида ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Хитой етакчисига Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан йўллаган самимий табриги ҳамда Ўзбекистон – Хитой кўп қиррали муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Келгуси йилда мамлакатлар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 35 йил тўлади. Ушбу қутлуғ санани кенг нишонлаш бўйича тадбирлар дастурини тайёрлаш таклиф этилди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Барча даражаларда алоқалар изчил мустаҳкамланиб, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорлик ривожланмоқда, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 18 миллиард долларга яқинлашди. Келгусида унинг янада ўсишига ишонч билдирилди.

Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш бўйича янги маррани белгилаш таклиф этилди. Шу мақсадда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳамда Ўзбекистон корхоналарининг Хитойда ўтказиладиган савдо кўргазмаларида фаол иштирокини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар давом эттирилади.

Музокаралар давомида туризм ва гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Визасиз тартиб амал қилмоқда, икки мамлакат шаҳарлари ўртасидаги авиақатновлар географиясини кенгайтириш ва парвозлар сонини кўпайтириш режалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Хитой маданият марказларини очиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Йил якунига қадар Хитойда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режалаштирилган. 2027-2029 йилларга мўлжалланган маданий тадбирлар дастурини қабул қилиш таклиф этилди.

Илм-фан, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорлик мунтазамлик касб этган. «Лу Бань устахоналари» ва Конфуций институтлари фаолияти ҳамда ҳудудларда қўшма таълим лойиҳаларини ривожлантириш ишлари давом эттирилади.

Хитой тилини ўрганишни, олий таълим муассасалари ўртасидаги таълим дастурларини янада кенгайтириш ҳамда юртимиз ёшларининг Хитойда таҳсил олиши учун квоталарни оширишдан манфаатдорлик билдирилди.

Космосни ўзлаштириш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида қайд этилди.

«Хитой – Марказий Осиё» форматидаги минтақавий шерикликни янада чуқурлаштириш ва унинг келгуси йилда Хитойда бўлиб ўтадиган учинчи саммитига тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон президенти Хитой Раисини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди. Учрашув ҳар доимгидек ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.

Ўзбекистон