Тошкент метрополитенида поездлар ҳаракати оралиқ вақти қисқартирилади
Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан йўловчилар оқими ортиши кутилмоқда

Янги ўқув йили бошланишидан Тошкент метрополитенида поездлар ҳаракати оралиқ вақти қисқартирилади, хабар бермоқда метрополитен матбуот хизмати.
Маълумки, мамлакатда барча таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланади. Хусусан, Тошкент шаҳридаги барча олий таълим ташкилотларида ўқув машғулотларининг биринчи сменаси соат 08:00 дан бошланиши белгиланган.
Натижада, эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда жамоат транспорти, хусусан, Тошкент метрополитени хизматига бўлган талабнинг янада ортишига олиб келиши кутилмоқда.
Жумладан, куннинг тиғиз вақтларида барча йўналишларда поездлар ҳаракати интерваллари қисқартирилади:
• Чилонзор йўналишида — 1,5–2 дақиқагача;
• Ўзбекистон йўналишида — 3 дақиқагача;
• Юнусобод йўналишида — 4 дақиқагача;
• ер усти ҳалқа йўли йўналишида — 7–8 дақиқагача.
Шунингдек, 2026-йил давомида метрополитен вагон паркини 14 та замонавий ҳаракат таркиби билан тўлдириш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар уларнинг 11 таси метрополитен вагон паркига етказиб берилган бўлиб, яқин кунларда яна 3 та замонавий ҳаракат таркибининг олиб келиниши кутилмоқда.
Йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, бекатларда хавфсизликни таъминлаш ҳамда йўловчилар оқимини самарали бошқариш мақсадида куннинг тиғиз вақтларида барча 50 та метро бекатида навбатчилик тизими йўлга қўйилган. Белгиланган жадвал асосида метрополитен раҳбарияти ва масъул ходимларидан иборат гуруҳлар эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда бекатларда навбатчилик қилиб, йўловчиларга зарур кўмак кўрсатмоқда, — дейилади хабарда.





