Тошкентда фуқаро 9-қаватдан тушиб кетди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида фуқаронинг юқоридан тушиб кетгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий маълумот берди.
Расмий хабарга кўра, ҳодиса 21 июль куни соат 01:30 атрофида Юнусобод туманининг 9-мавзесидаги кўп қаватли уйларнинг бирида содир бўлган. Фуқаро Т.Р. яшаётган уйнинг 9-қаватидаги деразадан пастга сакраган.
У кириш йўлагининг том қисмига урилиб, ерга қулаган. Тиббий текширув натижасига кўра, унга «бош мия ёпиқ жароҳати, бел умуртқаси компрессион синиши, ўмров ва кўкрак суяги синиши, травматик шок» ташхиси қўйилган. Жабрланувчи шифохонага ётқизилган ва ҳозирда шифокорлар назоратида.
Текширувлар давомида фуқаронинг 2024 йил охиридан бошлаб руҳий ҳолатида ўзгаришлар кузатилгани ва психологик ёрдам олгани маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИБ ФМБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Натижалар бўйича қонуний қарор қабул қилиниши билдирилган.