Шавкат Мирзиёев АҚШда таҳсил олаётган ватандошлар билан учрашди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга амалий ташрифининг якунида, ушбу мамлакатда меҳнат ва истиқомат қилаётган ватандошлар, шунингдек, АҚШнинг нуфузли университетларида таҳсил олаётган «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари билан учрашди.
Учрашувда муваффақиятли тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ватандошлар ва ёшлар ўртасида мулоқот майдонини яратишга қаратилган «Ватандошларнинг халқаро бизнес марафони»га старт берилди.
Иштирокчилар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий ва таълим алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётнинг устувор соҳаларига АҚШнинг илғор технологияларини жорий этиш, тиббиёт, транспорт ва логистика соҳаларида инновацияларни илгари суриш, мамлакатимизда маркетплейсларни ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирдилар.
Ўзбекистон Президенти АҚШда «Эл-юрт умиди» стипендиатлари сони 500 нафардан ошганига алоҳида эътибор қаратди. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва тажрибасини она юртда қўллаш учун имконият яратиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев талабаларга ўқишда ва келгусидаги касбий фаолиятларида муваффақиятлар тилаб, давлат ёшларнинг ташаббусларига доимо очиқлиги ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлади.