Тошкентда 2 та автобус ва 1 та енгил автомашина тўқнашиб кетди

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида, автобус хайдовчиси оралиқ масофани сақламагани сабабли, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, 25 сентябрь куни соат 10:10 ларда «King Long» русумли 63-сонли автобус ҳайдовчиси Мирзо Улуғбек туманидаги Мирзо Улуғбек кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб, ўзига нисбатан олдинда бир йўналишда ҳаракатланаётган, 151-сонли «Yutong» автобус билан оралиқ масофани сақламаган ва тўқнашиб кетган.

Шунингдек, «Yutong» русумли автобус тўқнашувдан сўнг, олдинда ҳаракатланаётган «Onix»га бориб урилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, «King Long» автобусидаги йўловчи қўрқиши ва қаттиқ стресс ҳолатига тушгани сабабли, унга тез-тиббий ёрдам кўрсатилган.

Тўқнашув натижасида, ҳар иккала автобус ҳам техник шикастланган.

Содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан расмийлаштирилган.

Ўзбекистон