Боғча болаларининг оммавий заҳарланиши юзасидан жиноий иш қўзғатилди
Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка ва Қуйичирчиқ туманларидаги давлат боғча болаларининг заҳарланиши юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани ҳабар берди.
Жумладан, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари туман тиббиёт бирлашмаларига соғлиғидаги қатор шикоятлар: тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши ва ич кетиши билан мурожаат қилган.
Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга «Ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикинфекцияси» ташхиси қўйилган.
Болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган. Мактабагача таълим ташкилотларига шу куни олиб келинган 3,2% ли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан 25 сентябрь куни, Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.