Тошкент вилоятининг бир нечта боғчасида болалар сифатсиз маҳсулотдан заҳарланди

Тошкент вилоятининг Пискент ва Бўка туманларидаги бир неча боғчада болалар оммавий равишда заҳарланди. Ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги дарҳол изоҳ берди.

Хусусан, жорий йилнинг 24 сентябрь куни болаларнинг саломатлиги ёмонлашиб, тиббиёт бирлашмаларига қарашли юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилинган.

Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга «Ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикинфекцияси» ташхиси қўйилган.

Натижада, зарурий муолажалар амалга оширилиб, шу куннинг ўзида аксарият болаларнинг соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб бериб юборилган. Оғир аҳволдаги беморлар аниқланмаган.

Болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган. Мактабагача таълим ташкилотларига шу куни олиб келинган 3,2% ли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган, — дейилади хабарда.

Тиббий ёрдамга мурожаат қилган беморлардан олинган таҳлиллар ҳамда истеъмол қилинган озиқ-овқатлар намуналари тегишли лабораторияларда текширувдан ўтказиляпти. Қайд этилган ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом этяпти.

Ўзбекистон