2025 йил якунигача 32,4 мингта электромобилларни қувватлаш станциялари ўрнатилади
Ўзбекистонда электромобиллар учун қувватлаш станциялари тармоғи кенгайтирилади. Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамаси «Республикада 2024—2025 йилларда электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилди.
Унга ко′ра, 2025 йил 1 февралдан давлат муассасалари, меҳмонхоналар, бизнес-марказлар, савдо ва умумий овқатланиш объектлари, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари инфратузилмаси объектлари лойиҳаларида тўхташ жойларининг камида 5% электромобилларни қувватлаш станциялари билан жиҳозланиши керак.
Шунингдек, кўп қаватли уйлар яқинида, шу жумладан, уларга яқин жойлашган тўхташ жойларида максимал қуввати 22 кВт бўлган станцияларни ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжат билан электромобилларни қувватлаш станцияларини ўрнатиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди:
• автотўхташ жойлари, ижтимоий объектлар ва давлат муассасаларида;
• савдо ва бизнес-марказлар, умумий овқатланиш корхоналари, меҳмонхоналар ва кўп қаватли уйлар ёнида;
• автоёқилғи қуйиш шохобчаларида.
Якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жойлар ҳудудидаги автотураргоҳларда энг юқори қуввати 22 квт бўлган станциялар ўрнатилади. Тадбиркорлар мавжуд кўп квартирали уй жойларнинг фақат автотураргоҳларида станциялар ўрнатиши мумкин бўлади.
Умумий ҳисобда 2025 йил охиригача Ўзбекистон бўйлаб 32,4 мингта электромобилларни қувватлаш станцияларини ўрнатилади. Энг кўпи — 23,5 мингта кўп квартирали уй-жойлар атрофида жойлаштирилади.
Ҳужжат 2024йил 4 ноябрдан кучга кирди.