Ўзбекистонда электрон тиббий карта ва рецептлар билан ишлаш қоидалари тасдиқланди

Ўзбекистонда «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимида яратилган «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона», «Электрон тиббий карта» ва «Электрон рецепт» модулларидан фойдаланиш бўйича йўриқнома тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарда модуллардан фақат шифокорлар, фармацевтика маълумотига эга дорихона ходимлари, ҳамширалар ва шифокор-ординаторлар фойдаланиши мумкин.

Қайд этилишича, фойдаланувчи реал вақт режимида «Электрон тиббий карта» модулига қуйидаги маълумотларни киритади ва бир вақтнинг ўзида ушбу маълумотлар автоматик равишда бошқа модулларга узатилади:

• беморнинг идентификация рақами, фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси;

• беморнинг ташхиси ва тиббий кўрсаткичлари;

• лаборатория ва инструментал таҳлиллар натижалари;

• дори воситаларига электрон рецептлар;

• амбулатор ва (ёки) стационар тиббий карталар.

Ариза берилган кундан бошлаб 15 иш куни ичида тиббиёт ташкилотлари ёки дорихоналарда модулларни ўрнатишни амалга оширади. Шунингдек, бир йилда камида бир марта фойдаланувчилар инвентаризациядан ўтказилади ва модулларга кириш ҳуқуқлари қайта кўриб чиқилади.

Модулларда ишлаш ва синовдан ўтиш жараёнида ахборот ва киберхавфсизлик таъминланади ҳамда белгиланган модулларнинг тўғри ишлаши назорат қилинади.

Мазкур ҳужжат уч ойдан кейин кучга киради.

Ўзбекистон