Тошкент аэропортида спорт озуқаси ниқоби остида синтетик гиёҳвандлик моддаси аниқланди

Тошкент шаҳрида синтетик гиёҳвандлик воситаларини олиб кириш ва ноқонуний айланишига чек қўйилди, деб хабар қилди Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Жумладан, пойтахт аэропортида Бишкекдан учиб келган қўшни давлат фуқароси божхонадан «яшил» йўлак орқали ҳаракатланиб, жомадонида синтетик гиёҳвандлик воситаларини олиб киришга урингани фош қилинади.

Хусусан, гўёки спорт озуқаси тарзида олиб ўтилаётган 2 та қутидаги 684 дона капсула таркибида 560,75 гр «Альфа-PVP» синтетик гиёҳвандлик моддаси мавжудлиги аниқланади.

Шундан сўнг мазкур наркожиноятнинг илдизига етиб бориш мақсадида Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказилади. Яъни, хориждан олиб кирилган 560,75 гр. «Альфа-PVP» синтетик гиёҳвандлик моддасини қабул қилиб олиши керак бўлган шахс ҳам Бектемир туманида қўлга олинади.

Ушбу шахснинг хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ерда 114 дона капсулада тахминан 80 гр. оғирликдаги «Альфа-PVP» синтетик гиёҳвандлик моддаси ва уларни тарқатиш учун ҳозирланган 37 дона ўрамчалар, 2 гр. оғирликдаги «марихуана», 2 дона ўрамда 30 гр. оғирликда бошқа турдаги синтетик наркотик модда, 4 дона электрон тарози, изоленталар ва зип пакетлар мавжудлиги аниқланиб, далилий ашё тариқасида олинади.

Шунингдек, Сариосиё туманида хам навбатдаги тезкор тадбир ўтказилиб, кузатувга олинган шахс ёнидаги 14 дона ўрамга жойланган 14 кг. 680 гр. оғирликдаги «опий» гиёҳвандлик воситасини $180 минга сотаётган вақтида қўлга олинади.

Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилди.

Ўзбекистон