Ўзбекистонда ҳарорат пасайиши сабабли «метан заправкалар» фаолиятига чеклов киритилди
Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайиши сабабли 10-март кунидан бошлаб «метан заправкалар» фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилади, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Республикамиз ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массаларининг кириб келиши натижасида табиий газга бўлган талаб ортди. Шу сабабли магистрал газ қувурларида босимнинг пасайиши кузатилмоқда. Бундай шароитда, энг аввало, аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади, — дейилади хабарда.
Шу муносабат билан, бугун, 10-март куни соат 16:00 дан бошлаб республикадаги «метан заправкалар» фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилиши таъкидланди.
Мазкур чора-тадбирлар, аввало, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор газ таъминоти билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётгани билдирилди. Шу билан бирга, ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ҳамда жамоат транспорт воситалари учун газ таъминоти чекловларсиз, барқарор тарзда давом эттирилади.





