Ўзбекистонда икки ой ичида 45 жиноий гуруҳ фош этилди
Икки ойда Ўзбекистонда 45 та жиноий гуруҳ аниқланди, деб хабар берди Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Жорий йилнинг январь–февраль ойларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан 6 025 та тезкор тадбир ўтказилди. Жумладан, 806 та тунги рейд ва 2 876 та тинтув амалга оширилди.
Ўтказилган тадбирлар давомида 116 та фирибгарлик, 315 та ноқонуний қурол сақлаш, 86 та қиморхоналарни ташкил этиш, 40 та одам савдоси, шунингдек 790 та фоҳишахоналар сақлаш ва ОИВ инфекциясини тарқатиш ҳолатлари фош этилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари қидирувда бўлган 533 нафар шахсни қўлга олди. Қурол билан боғлиқ 315 та иш бўйича 4 570 дона совуқ қурол мусодара қилинди. Улар орасида 50 та бита, 72 та кастет ва 4 004 та санчувчи ҳамда кесувчи буюмлар бор.
Бундан ташқари, 5 814 дона ўқ-дори ва 3,7 килограмм портловчи модда ҳам мусодара қилинди. Шунингдек, жиноятчиликка таъсир кўрсатган ва ёшлар ҳамда аҳоли орасида жиноий ғояларни тарғиб қилган 47 та аккаунт блокланди.





