Ўзбекистонда РИТМ-200Н ядровий қурилмали энергоблокни барпо этиш бўйича лицензия берилди

Бундан аввал станция қурилиши учун ажратилган майдонда ядровий қурилмаларни жойлаштиришдан фойдаланишга рухсатнома берилган эди

Ўзбекистонда РИТМ-200Н ядровий қурилмасига эга атом электр станцияси энергия блокини қуриш учун лицензия берилди, деб хабар бермоқда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси матбуот хизмати.

Маълумот учун, АEС қурилиши билан боғлиқ жараёнларда ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига юклатилган эди.

Ўтган даврда «Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси» давлат муассасаси томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳужжатлари Қўмита ҳузуридаги Радиация ва ядро хавфсизлиги илмий-техник маркази томонидан комплекс ўрганилди.

Ушбу ўрганишлар натижасида жорий йилнинг 23-март куни АEС қурилиши учун ажратилган ядровий қурилмаларни жойлаштириш майдончасидан фойдаланишга рухсатнома берилган эди.

Шунингдек, РИТМ-200Н ядровий қурилмали АEС энергоблокларини барпо этишга оид ҳужжатлар, лойиҳа ечимлари ва хавфсизликни асослаш материаллари амалдаги қонунчилик, хорижий тажриба ҳамда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик тавсиялари асосида кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳаларни кўриб чиқиш жараёнига хорижий экспертлар, халқаро ташкилот мутахассислари, хусусан, Россия Федерациясининг радиация ва ядро хавфсизлиги илмий-техник маркази етакчи мутахассислари ҳам жалб этилган.

Навбатдаги босқич доирасида бугун Қўмитада ташкил этилган Кенгашда РИТМ-200Н ядровий қурилмали АEС энергоблокини барпо этиш бўйича лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинди, — дейилади хабарда.

АEС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш давомида лицензия шартларининг бажарилиши, қурилиш жараёнида хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилиши ҳамда аҳоли ва атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш устидан Қўмита томонидан доимий давлат назорати амалга ошириб борилиши билдирилди.

Ўзбекистон