Mobiuz мобил оператори $351 млн долларга сотилди

Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга 500 млн АҚШ долларигача инвестиция киритиш режалаштирилган

Ўзбекистонда Mobiuz мобил операторини хусусийлаштириш бўйича халқаро жараён якунланди, деб хабар беради Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати.

Жумладан, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Universal Mobile Systems МЧЖ (MobiUz) устав капиталидаги 100% давлат улушини сотиш бўйича халқаро очиқ савдо жараёнлари ўтказилди.

Мазкур жараён доирасида Rothschild & Co халқаро инвестиция банки стратегик консультант, катта тўртлик туркумига кирувчи KPMG молиявий консультант ҳамда Deloitte мустақил баҳоловчи сифатида жалб этилган.

Натижада, АҚШ, Япония, Форс кўрфази мамлакатлари, Европа ҳамда Кавказорти минтақаларидан 15 дан зиёд (аксарияти хорижий) инвестор иштирок этди. Бунда, 10 нафар иштирокчи томонидан дастлабки нарх таклифлари тақдим этилди.

Талабгорларга халқаро стандартлар асосида тайёрланган комплекс молиявий ва юридик таҳлилий маълумотлар (due diligence) тақдим этилди ҳамда 6 нафар иштирокчи томонидан МobiUzни сотиб олиш бўйича мажбуриятга эга бўлган қатъий таклифлар (Binding Offer) қабул қилинди.

Хусусийлаштириш жараёни якуни бўйича Давлат активлари агентлиги томонидан АҚШнинг McKim and Company компанияси бошчилигидаги молиявий инвесторлар ва соҳавий технологик ҳамкор JVR Enterprises LLC (DBA – JVR Capital Group) иштирокидаги консорциум таклифи ғолиб деб топилди.

Ушбу таклифга мувофиқ, MobiUz компаниясининг қиймати 351 млн АҚШ доллари даражасида баҳоланган бўлиб, шунингдек телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга 500 млн АҚШ долларигача инвестиция киритиш режалаштирилган.

Таъкидланишича, мазкур таклифнинг сотиш самарадорлигини кўрсатувчи EV/EBITDA мультипликатори 7,4х ни ташкил этиб, битимнинг юқори самарадорлигини акс эттирган.

Ўзбекистон