Тошкентда барча қурилиш объектлари учун янги талаблар жорий этилмоқда
Қурилиш жараёнларини доимий назорат қилиб бориш мақсадида видеокузатув камералари ўрнатилади

Тошкентда барча қурилиш объектлари учун янги талаблар жорий этилмоқда, деб хабар беради пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.
Лойиҳага кўра, қурилиш объектлари ташқи томондан махсус тўсиқлар билан ўралиши, объект паспорти ўрнатилиб унда барча зарур маълумотлар акс эттирилиши, пиёдалар хавфсизлиги учун ҳимоя соябонлари ташкил этилиши назарда тутилган.
Шунингдек, қурилиш майдонлари периметри бўйлаб микроиқлим яратиш тизимлари, сув пуркагич ва дозаторлар ўрнатилади. Қурилиш жараёнларини доимий назорат қилиш мақсадида видеокузатув камералари ўрнатилиб, улар Қурилиш назорати инспекцияси тизимига интеграция қилинади.
Бундан ташқари, экологик датчиклар, тунги кузатув воситалари, артезиан сув қудуқлари, автомобилларни ювиш майдончалари ҳамда автоматик электр ҳисоблагичларини жорий этиш режалаштирилган. Қурилиш техникаларининг шаҳар кўчаларига тоза ҳолда чиқишини таъминлаш ҳам асосий талаблар қаторидан ўрин олган.
Таъкидланишича, пойтахтдаги 1700 га яқин қурилиш объектларига мазкур талабларни жорий этиш учун муайян муддат берилади.




