Шавкат Мирзиёев Гонконг администрацияси раҳбари билан учрашди
Учрашувда Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигини, шу жумладан, Гонконг билан ҳудудлараро алмашинувлар ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш орқали янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 июнь куни Хитой Халқ Республикаси Сянган (Гонконг) махсус маъмурий ҳудуди Администрацияси раҳбари Ли Цзячао бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Мулоқот аввалида Ли Цзячао давлат раҳбарига Хитой Халқ республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Суҳбат чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари мисли кўрилмаган даражага кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Таъкидланишича, Олий даражада эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда. Май ойида Пекин шаҳрида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Сиань шаҳрида учинчи Ҳудудлараро форум муваффақиятли ўтказилди, Гонконгда иқтисодий форум ва саноат кўргазмаси бўлиб ўтди, Ўзбекистон савдо уйи очилди.
Савдо-иқтисодий ва молиявий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш, таълим, туризм ва ишбилармонлик алмашинувларини ривожлантириш ҳамда тўғридан-тўғри авиақатновлар ва фуқароларга консуллик хизматлари кўрсатишни йўлга қўйишни назарда тутувчи комплекс ҳамкорлик дастурини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек «яшил» энергетика, қишлоқ хўжалиги, биотехнологиялар, рақамли иқтисодиёт, финтех, инновацион стартаплар, сунъий интеллект ва бошқалар устувор соҳалар сифатида қайд этилди.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш, ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ҳамда яқин фурсатда Гонконг билан икки томонлама асосда визасиз тартибни жорий этиш юзасидан келишувга эришилди.





