Фарғонада эркак ўз онасини калтаклаб, сўнгра бармоқларини кесиб ташлади

Фарғонада онасини калтаклаган, сўнг бармоқларини кесиб ташлаган 32 ёшли эркакка нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда UzNews.uz нашри ҳужжатга таяниб ҳабар беради.

Иш материалларига кўра, 7 июнь куни соат 08:00 атрофида, Тошлоқ туманида яшовчи эркак ва аёл ўртасида жанжал келиб чиқган. Шундан сўнг, эркак ўз онасини калтаклаб, ток қайчи билан икки қўлининг бир неча бармоқларини кесиб ташлаган, сонгра воқеа жойидан кетиб қолган.

Ўтказилган, тергов натижасида эркак, Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисмининг «в, л» бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланиб, тегишли қарор судга юборилган.

Суд-психиатрия экспертизасининг хулосасига кўра, айбланувчи фуқаро содир этган қилмишини толиқ англамагани ва ҳаракатларини назорат қила олмагани аниқланган.

Шунингдек, суд мажлисида жабрланувчи она, ўз ўғлига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтиб, суддан жазони енгиллаштиришни сўраган.

Суд қарори билан эркакка нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси тайинланган. У Тошкент шаҳридаги Республика руҳий касалликлар шифохонаси қошидаги, қаттиқ тартибдаги руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий даволанишга юборилган.

Ўзбекистон