Наманганда фермерлар сув талашди: 63 ёшли фуқаро вафот этди

Воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 6 июль куни соат 21:00 ларда Наманган шаҳар Давлатобод туманида яшовчи 1965 йилда туғилган Н.О. МЧЖга қарашли мевали боғда шу ерда деҳқончилик билан шуғулланган 1958 йилда туғилган М.Н. билан сув талашиб ўзаро жанжаллашиб, қўли билан бош қисмига урган.

Оқибатда, М.Н. ерга боши билан йиқилиб, тан жароҳати олган. Сўнгра Н.О. фуқаро М.Н.ни Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасига олиб борган.

Қайд этилишича, М.Н. олган тан жароҳати бўйича Тўрақўрғон туман марказий шифохонасига ётқизилиб, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай 10 июль куни вафот этган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, марҳумнинг баданида ташқи тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги, унинг ўлими бош мия ёпиқ шикасти, бош мия тўқима остига қон қуйилишидан келиб чиққанлиги кўрсатилган.

Ушбу ҳолат бўйича Наманган шаҳар Давлатобд тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан 10 июль куни ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Янгиликлар