Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини зиёрат қилди
Президент Шавкат Мирзиёев 8 май куни Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини зиёрат қилиб, байрам билан табриклади.

Давлат раҳбари Қуролли Кучлар Бош ҳарбий клиник госпиталида Акмал ота Акрамов, Вера Журавская, Ҳасанбой ота Халматов ва Владимир Алексейков билан дилдан суҳбатлашди. Нуронийларнинг ҳол-аҳволи ва саломатлиги билан қизиқди. Уларнинг машаққатли ҳаёт йўли ҳамда кўрсатган жасоратларини алоҳида эътироф этди.
Сизлар тарихнинг жонли гувоҳи, матонат тимсолисизлар. Сиздек табаррук инсонлар билан учрашиш, ўгитларингизни тинглаш бизга катта маънавий куч бағишлайди. Халқимиз сизлар билан ҳақли равишда фахрланади. Бугунги тинч ва озод кунлар, авлодларнинг бахтиёр истиқболи сизларнинг мислсиз фидокорлигингиз маҳсулидир. Сизларнинг ибратли ҳаёт йўлингиз ёшларимиз учун ҳақиқий матонат мактабидир, – деди президент.
Хусусан, президентнинг жорий йил 16 апрелдаги қарорига мувофиқ, уруш ва меҳнат фахрийларига юксак даражада эҳтиром кўрсатилмоқда.

Уларга моддий ва маънавий кўмак бериш баробарида саломатликларини тиклаш учун республикамизнинг энг яхши санаторийларига имтиёзли йўлланмалар ажратилган.
Яратган сизларга ватанпарварлик ва фидокорона меҳнатингиз мукофоти сифатида узоқ умр, эл-юрт ардоғида яшаш бахтини ато этган. Сизларнинг дуоларингиз юртимиз учун омонлик, ишларимизга баракадир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда нуронийлар юртимизда тарихий хотирани тиклаш, кексаларни эъзозлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.






