Жиззахда икки ёшли болани уриб юборган фельдшерга нисбатан ҳукм чиқарилди
Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти Зомин туман суди икки ёшли болани уриб ўлдирган фелдшерга ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Туман судининг 2025 йил 10 декабрдаги ҳукмига мувофиқ О. Т. (эркак, 1994 йилда Жиззах вилоятида туғилган, «Зомин» санаторийсида фелдшер бўлиб ишлаган) Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисми ва 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Суднинг ҳукми билан О. Т.га 3 йилга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.
Жиззах вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2026 йил 24 февралдаги ажримига асосан биринчи инстанция судининг О. Т.га нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.





