Андижонда фуқаро 52 та радар камерасига пневматик қуролдан ўқ отди
Андижон шаҳрида 52 та радар камерасига пневматик милтиқдан ўқ отган эркакка жиноий иш очилди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 1976 йилда туғилган М.С. шаҳардаги 29 та чорраҳага ўрнатилган қуйидаги воситаларга зарар етказган:
51 та Hikvision русумли йўл ҳаракати қоидалари бузилганини аниқлайдиган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд қилиш дастурий-техник воситалари;
1 та Hikvision русумли радар комплекси.
Эркак уларга ўзига тегишли “SRKET” русумли пневматик милтиқдан ўқ отган ва қасддан шикаст етказган.
Иш бўйича ўтказилган суд-товаршунослик экспертизасининг хулосасига кўра, эркак жами 1 миллиард 147 миллион сўм моддий зарар етказган. Ҳолат юзасидан фуқаро М.С.га нисбатан жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “в” банди (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.