Сурхондарёда хорижлик фуқарони тутқунликда ушлаб, қийноқларга солган эркак ушланди
Сурхондарё вилоятида Тожикистон фуқаросини ноқонуний ҳибсда ушлаган шахс қўлга олинди, деб хабар қилди Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати.

Хусусан, ушбу вилоятнинг Денов шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган шахс Душанбе шаҳрида истиқомат қилувчи, Тожикистон Республикаси фуқаросини ноқонуний равишда ушлаб турган.
Аниқланишича, эркак Душанбе шаҳрида яшовчи танишига 11 минг АҚШ доллари берган ва гаров сифатида унинг шеригини Денов шаҳрида олиб қолган.
Пуллар ўз вақтида қайтарилмаганидан сўнг, мазкур Тожикистон фуқаросини тутқунликда ушлаб, турли хил қийноқларга солиб, унга оғир даражада тан жароҳати етказган, — дейилади хабарда.
Ҳозирда эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.





