Дубайдаги можаро бўйича ўзбекистонликларнинг ўлим жазосига ҳукм қилингани тасдиқланмади

Ижтимоий тармоқларда Дубайдаги муштлашув пайтида икки кишининг ўлимига сабаб бўлган ўзбекистонликлар ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар тарқалди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов бу маълумотни рад этди.

Тарқалган маълумотларда, олти нафар Ўзбекистон фуқароси ўлим жазосига ҳукм қилингани, яна бири умрбод қамоқ жазоси олгани айтилган эди. Ҳодиса автозаправкада узоқ муддатли келишмовчилик сабабли содир бўлган.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларининг судланишига доир турли хил маълумотларга аниқлик киритди:

2025-йилнинг апрель ойида Дубайда оммавий муштлашувда иштирок этган 8 нафар Ўзбекистон фуқаросига 21-январ куни суд ҳукми билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, битта фуқарога 25 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди, — дейилади хабарда.

Ҳозирда тегишли идоралар ва дипломатик ваколатхоналар томонидан вазиятни тўлиқ ўрганиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича барча зарур чоралар кўрилаётгани билдирилди.

Ўзбекистон