Тошкентда 26 та кўча тун-у кун ишлайдиган ҳудудларга айлантирилади
Президент 10 июль куни Бунёдкор кўчасидаги янги хизмат ва туризм зонаси билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд қилинишича, cафар доирасида Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларини боғловчи Бунёдкор кўчасигa борилган. Кўчанинг 1,5 километрлик қисми хизмат кўрсатиш ва гастротуризм ҳудудига айлантирилгaн. Бу ерда санъат ва маданият масканлари, кўп қаватли уйлар, ресторан ва дўконлар жойлашган.
Кўча бўйлаб ландшафт дизайни, фавворалар ва ёруғлик иншоотлари билан замонавий муҳит яратилган. Натижада, 90 та тадбиркорлик субъекти тун-у кун ишлаш режимига ўтказилиб, 45 таси янгидан ташкил этилди. 500 нафардан ортиқ киши иш билан таъминланди.
Атрофдаги Камолон, Янги Камолон ва Камолон дарвоза маҳаллаларида яшовчи 18 минг аҳоли учун яратилган шароитлар кундалик ҳаётга ижобий таъсир кўрсатиши таъкидланди. Ҳозирда ушбу ҳудудга йилига 255 минг нафар меҳмон ташриф буюрмоқда, бу рақамни 1 миллионга етказиш режалаштирилган.
Президентга Тошкентда 26 та кўчани тун-у кун фаолият юритадиган гастрономик зонага айлантириш ва мингта 24 соатлик савдо нуқтаси ташкил этиш режалари ҳам тақдим этилди. Бу борада Миробод, Олмазор, Чилонзор, Яккасарой ва Янгиҳаёт туманларида аллақачон шу йўналишдаги ишлар бошланган.
Мазкур ташаббус 7 февраль куни хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилишида илгари сурилган бўлиб, Олмазор туманидаги 17 та кўчани гастрономик ҳудудга айлантириш лойиҳаси ҳам маъқулланган.