Сирдарёда қудуқдаги газдан заҳарланиб уч киши вафот этди

22 май куни соат 18:30 атрофида Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида жойлашган «Дўстлик» маҳалласида қудуқдаги газдан заҳарланиш оқибатида уч киши вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратурага таяниб Repost.uz хабар берди.

Маълумотларга кўра, 67 ёшли эркак ўз хонадонидаги 5 метрлик сизот сувлар тўпланадиган қудуқни тозалаш учун унга тушган. Қудуқ ичида тўпланган заҳарли газдан нафас олиши оқибатида у ҳаётдан кўз юмган. Уни қутқариш учун қудуққа тушган 39 ёшли ўғли ва 46 ёшли қўшниси ҳам худди шу сабабларга кўра ҳалок бўлган.

Яна икки фуқаро уларни қутқаришга урингани сабабли заҳарли газдан таъсирланиб, ҳушини йўқотган. Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида ҳалок бўлганларнинг жасадлари ҳамда ҳушини йўқотган шахслар қудуқдан чиқариб олинган. Жабрланганларга кўрсатилган тез тиббий ёрдам натижасида уларнинг ҳаёти сақлаб қолинган, ҳозирда улар туман тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган.

Ҳолат юзасидан Сайхунобод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

 

Сирдарё