Исроилнинг Ғазодаги ҳаво ҳужумлари оқибатида 18 киши ҳалок бўлди
Исроил армиясининг Ғазо секторига уюштирган сўнгги ҳаво ҳужумлари оқибатида 18 киши, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий манбалар ва гувоҳларга таяниб Anadolu агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, Ғазо шимолидаги Фатма бинт Асад мактабига Исроил самолётлари томонидан икки бор зарба берилган. Ҳужум натижасида 16 киши ҳалок бўлган. Ушбу мактаб ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган фаластинликлар учун вақтинча бошпана бўлиб турган.
Шунингдек, Исроил кучлари Ғазо шарқидаги Туффаҳ ҳудудида бир нечта биноларни кучли отишма билан вайрон қилгани айтилмоқда.
Яна бир ҳаво ҳужуми Ғазонинг марказий қисмидаги Нусейрат қочқинлар лагерида Ҳаммад ал-Ҳасаната масжиди яқинидаги ҳудудда амалга оширилган. У ерда ёш қизча ҳалок бўлган.
Бундан ташқари, бир неча кун аввал Бурейж лагеридаги Абу Хемис мактабига уюштирилган ҳужумда яраланган фаластинликлардан бири олган жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Нусейрат лагери шимолидаги Эз-Заҳра ҳудудида амалга оширилган яна бир ҳужумда эса икки фаластинлик яралангани қайд этилган.