Санкт-Петербург губернатори 7 қаватдан тушиб кетган болани қутқарган ўзбекистонликка мукофот топширди
24 феврал куни Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов деразадан қулаб тушган болани қутқарган Ўзбекистон фуқароси Хайрулло Ибадуллаевни «Қутқарувдаги жасорати учун» кўкрак нишони билан тақдирлади.

Қаҳрамонлар ҳар хил шаклда бўлади. Улар гоҳ қутқарув кийимида, гоҳ шифокор халатида, гоҳида комбинезонда, — деб ёзди губернатор ўзининг Telegram каналида.
«Мен бугун Хайрулло Ибодуллаев билан учрашдим. Унинг қаҳрамонлиги ҳақида бутун шаҳримиз билади. У ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ишлаётган вақтида деразадан қулаб тушган етти ёшли болани ушлаб олди. У жароҳат олди, лекин болани ушлаб қолди», Александр Беглов.
Губернатор Хайрулло тозалаш корхонасида ишлашини ва тўрт фарзанднинг отаси эканлигини таъкидлаб, унга меҳр-шафқати, ёрдам беришга тайёрлиги ва инсонпарварлиги учун мукофотини топширди.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонликнинг қаҳрамонлиги ҳақидаги хабарлардан сўнг президент Шавкат Мирзиёев уни «Жасорат» медали билан мукофотлади.
Бундан ташқари, Маргарита Симоньян бошчилигидаги Россия медиагуруҳи ва RT телеканали, Хайрулло Ибадуллаевни Тигран Кеосаян номидаги мукофот билан тақдирлади. Мукофот суммаси 1 миллион рубльга тенг. Эркак бу пулни Ўзбекистондаги оиласига юборганини маълум қилди.





