Ангренда ЙТҲ сабаб 7 киши ҳалок бўлди, яна 5 нафари шифохонага ётқизилди
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 7 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.
Йўл-транспорт ҳодисаси 7 сентябрь куни тахминан соат 12:20ларда ушбу ҳудуддан ўтган А-373 «Тошкент–Ўш» халқаро автомобиль йўлининг 93-км қисмида содир бўлган.
Хусусан, фуқаро (1981 й.т.) бошқарувида бўлган цемент ташувчи «Shacman» русумли юк автотранспорт воситаси бошқарувни йўқотиб, ҳаракат йўналишидаги темир йўл кесишмасида тўхтаб турган 2 та юк автомашинаси ҳамда 5 та енгил автотранспорт воситаси билан тўқнашган.
Тўқнашув вақтида келиб чиққан ёнғин, воқеа жойига етиб келган махсус куч ва воситалар ёрдамида тезкорлик билан ўчирилган.
Ҳодиса оқибатида 7 нафар фуқаролар воқеа жойида вафот этган, 5 нафар турли тан жароҳатлари олган фуқаролар тиббиёт муассасаларига ётқизилган, шунингдек 4 нафар фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйларига жавоб берилган, — дейилади хабарда.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли давлат органлари мутахассисларидан иборат, Бош вазир ўринбосари А. Раматов раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси тузилган. Айни пайтда воқеа тафсилотлари чуқур ўрганилаётгани маълум қилинди.