Ҳамаснинг янги раҳбари эълон қилинди

Яҳё Синвар ўлимидан кейин фаластинликларнинг Ҳамас ҳаракати раҳбарлигини Холид Машал ўзига қабул қилди, деб хабар бермоқда Ливандаги LBCI телеканали.

Маълумотларга кўра, ҳаракат раҳбари вазифасини бажарувчи ролида Машал Исроил билан музокаралардаги муҳим томонлар билан алоқаларга масъул бўлади.

Ҳамас раҳбарияти аллақачон музокаралардаги воситачилар бўлмиш Туркия, Қатар ҳамда Мисрни Яҳё Синварнинг ўлимидан хабардор қилгани айтилган.

Шу билан бирга, Ҳамасдагилар унинг ўлими туфайли асирларни алмашиш ва Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш бўйича музокаралар «янада мураккаблашиши ва чалкашиши»ни қайд этишган.

Исроил мудофаа армияси 16 октябрь куни Ғазо секторида Яҳё Синвар ва яна икки фаластинлик ўлдирилганини хабар қилди. Синвар Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрь куни Исроил ҳудудига амалга оширган ҳужумининг асосий ташкилотчиси ва мафкурачиси ҳисобланган. У 2017 йилдан Ҳамаснинг Ғазо секторидаги бўлими раҳбари бўлган, 2024 йил августида — Исмоил Ҳания Теҳронда ўлдирилганидан кейин унинг ўрнига Ҳамас сиёсий бюроси раҳбарига айланганди.

Жаҳон