6 июнь куни Тошкент метроси вақтинча бепул хизмат кўрсатади
Қурбон ҳайити муносабати билан 6 июнь куни Тошкент метрополитени соат 03:00 дан 10:00 гача йўловчиларга бепул хизмат кўрсатади. Бу ҳақда метрополитен матбуот хизмати хабар берди.
Қайд қилинишича, байрам куни метро одатдагидан икки соат илгари иш фаолиятини бошлайди. 7 июнь куни метро ҳаракати шанба, 8 июнь куни эса якшанба жадвали асосида амалга оширилади.
Шунингдек, 6 июнь куни автобуслар ҳам соат 03:00 дан қатнай бошлайди. Шу куни тонгги соат 05:10 да жоме масжидларда Қурбон ҳайити намози ўқилади.
Соат 00:00 дан 08:00 гача ҳайит намози ўқиладиган масжид атрофидаги кўчалар ва йўлларда автотранспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилади.