Ҳиндистон Покистон самолётлари учун ҳаво ҳудудини 23 майгача ёпди

Ҳиндистон ҳукумати Покистон авиакомпаниялари ва ҳарбий самолётлари учун мамлакат ҳаво ҳудудидан фойдаланишни вақтинча тақиқлади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Ушбу чеклов 30 апрелдан кучга кирган бўлиб, 23 майгача амал қилади.

Мазкур қарор Деҳли назоратидаги Кашмирнинг Паҳалгам шаҳрида сайёҳларга уюштирилган ҳалокатли ҳужумдан сўнг Покистон билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида қабул қилинди. Ҳужум оқибатида 26 киши, жумладан, 25 нафар Ҳиндистон ва бир нафар Непал фуқароси ҳалок бўлган эди.

Покистон эса 24 апрель куни Ҳиндистон самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон ахборот вазири Аттаулла Тарарнинг Ҳиндистон Покистонга ҳарбий зарба беришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги баёноти эълон қилинганди.

 

Жаҳон