Андижон мактабларидан бирида кечиккан ўқувчиларни ўтириб туришга мажбурлашди
Андижон мактабларидан бирида дарсга кечикаётган қизларни чўккалаб ўтириб туришга мажбур қилишган. Болалар омбудсмани бу ҳолатни боланинг конституциявий ҳуқуқларининг бузилиши деб баҳолади.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ўқувчи қизларнинг ўтириб тураётгани акс этган видео тарқалиб кетган эди. Хабарларга кўра, бу ҳолат Андижон шаҳридаги 5-мактабда содир бўлган.
Таълимдаги тартиб-қоидалардан четга чиқиб, ўқувчиларга нисбатан турли жазолаш усулларини қўллаш ҳамда болани оммавий изза қилиш унинг шаъни ва қадр-қимматини поймол этади, бу боланинг конституциявий ҳуқуқларини бузишдир. Бундай номақбул ҳаракатлар жавобсиз қолиши мумкин эмас, — дейилади хабарда.
Омбудсман болаларни ушбу ҳаракатларни бажаришга мажбурлаганлар жавобсиз қолмаслигини билдирди.
Ҳозирда, вазият идора томонидан ўрганилмоқда.