Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёрланган 7 гумонланувчи қўлга олинди

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш учун оммавий тартибсизликларни уюштирмоқчи бўлган гумонланувчилар қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Маълумотларга кўра, мазкур уюшган гуруҳ оммавий тартибсизликлар уюштириш, ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш мақсадида тузилган. Ҳар бир иштирокчида роллар тақсимланган (ташкилотчилар, кўмакчилар, молиячилар, ижрочилар).

Шундай қилиб, Бишкек атрофида спорт ўйинлари ва бошқа мусобақаларни ўтказиш режалаштирилганди. Миллий спорт ўйинларини ўтказиш баҳонасида улар 2024 йил 17 ноябрда маҳаллий кенгашларга сайлов куни зўравонлик ҳаракатларига чақириш, конституцияга зид даъватларни илгари суриш, ҳокимиятни кейинчалик зўравонлик билан эгаллаш учун вазиятни беқарорлаштириш ниятида эди, дейилади ИИВ баёнотида.

Ҳолат юзасидан тўпланган материаллар асосида ИИВ томонидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 36 — 278-моддаси 1-қисми (Зўравонлик, қирғин, ўт қўйиш, мол-мулкни йўқ қилиш, ўқотар қурол, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қўллаш ёхуд ҳокимият вакилларига қуролли қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ оммавий тартибсизликларни ташкил этишга тайёргарлик кўриш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тезкор-тергов тадбирлари давомида мазкур гуруҳ аъзолари бўлган 7 нафар шахс қўлга олинди. Улар орасида Қирғизистонда туғилганлар, шунингдек, чет элликлар бор. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

Жаҳон