«Айрим маълумотлар ҳолатнинг ҳақиқий мазмунига мос келмайди», — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фуқаролар маълумотлари тарқалиши юзасидан изоҳ берди

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўзининг ахборот тизимларига тааллуқли айрим маълумотлар Интернет тармоғига чиқиб кетгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Айрим ахборот сайтларида эълон қилинган маълумотлар ҳолатнинг ҳақиқий мазмунига мос келмайди. Айни пайтда ҳолат бўйича белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, — дейилади хабарда.

Фуқароларнинг шахсий маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилаётгани билдирилди. Текширув натижалари юзасидан қўшимча ахборот белгиланган тартибда жамоатчиликка тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, хабарларда электрон ҳукуматнинг турли давлат ва нодавлат хизматларига киришда фойдаланиладиган марказий OAuth сервери хавфсизлиги бузилгани айтилган эди. Ушбу хизматлар қаторига Ички ишлар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя агентлиги, Статистика қўмитаси ҳамда Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси тизимлари киради.

Эҳтимолий киберҳужум оқибатида 15 миллион фойдаланувчининг шахсий маълумотлари интернет тармоғида тарқалган бўлиши мумкинкили билдирилган.

Шундан сўнг, вазият юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳам изоҳ берган эди. Унга кўра, Ички ишлар органлари тасарруфидаги барча ахборот тизимларининг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган бўлиб, унда сақланаётган шахсга оид маълумотларнинг дахлсизлиги сақланган ва ташқи манбалар орқали кириш амалга оширилмаган.

Ўзбекистон