Навоийда вояга етмаган йигит инспекторни машинада уриб кетди
Навоий шаҳрида йўл-патрул хизмати инспектори хизмат олиб бораётган вақтида машина уриб кетиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақида ЙҲХХга таяниб, Kun.uz хабар бермоқда.
ИИВ ЖХД ЙҲХХ ахборот хизматининг маълум қилишича, ЙТҲ 19 январ куни соат 1:45 да содир бўлган. Навоий шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида хизмат олиб бораётган Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ йўл-патрул хизмати инспектори Ж.М давлат рақамисиз, йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланган Kia Sonet машинаси ҳайдовчисига тўхташ ишорасини қилган.
Аммо ҳайдовчи тўхташ ишорасига бўйсунмасдан йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳолда қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ҳамда инспекторни уриб юборган. Сўнгра воқеа жойидан қочиб кетган. Инспектор эса ҳодиса жойида вафот этган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида Kia Sonet’ни 2008 йилда туғилган С.М. бошқаргани, машина унинг отасига тегишли бўлганлиги аниқланган. Машина яшириб қўйилган жойидан топилиб, жарима майдонига жойлаштирилган.
Ҳозирда ҳолат бўйича Навоий шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.