Маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилаётган фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб этилмайди

Маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган шахслардан ортиқча ҳужжат сўраш каби ҳолатларнинг олди олинади. Оилавий зўравонликка учраган шахслар энди аҳолининг эҳтиёжманд тоифасига киритилади. Бу ҳақида Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Президент томонидан имзоланган қонун (ЎРҚ-967-сон, 27.09.2024 й.) билан «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунга қўшимча ва ўзгаришлар киритилди. Унга кўра, иш қидираётган фуқаролар меҳнат органларига ортиқча ҳужжатлар тақдим этишга йўл қўйилмаслигини, бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб қилиш учун субсидиялар ажратиш механизмларини ривожлантириш режа қилинмоқда.

Шунингдек, иш берувчиларга бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни ҳар ой электрон тарзда тақдим қилиш вазифаси юкланмоқда.

Бундан ташқари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг номланиши аниқланмоқда.

Жумладан, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифасига киритилиши назарда тутилган.

Қонун расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради, — дейилади хабарда.

Жамият