Тошкентдан Иссиқкўлга поезд қатнови йўлга қўйилади
Тошкентдан Иссиқкўлга 2025 йилнинг ёзидан поезд қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақида «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, МДҲга Ўзбекистон ва Қирғизистон темирйўл маъмуриятлари ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида юк ташиш ҳажмларини ошириш ва тариф чегирмаларини қўллаш масалалари бўйича музокаралар олиб борилди.
Шунингдек, икки давлат ўртасида асосий юклар — кўмир, цемент ва бошқа маҳсулотларни ташишда «Темирйўлкарго» АЖ юк вагон паркларидан фойдаланиш ҳамда тарози хўжалиги объектларини таъмирлаш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар, шунингдек, 2025 йил ёзида Тошкент—Рибаче йўналишида туристик поездлар қатновини йўлга қўйишга келишиб олди. Бу йўналиш икки мамлакат ўртасида туризм алоқаларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлади.