Исроил авиазарбаси оқибатида Ғазода 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Пайшанба оқшомида Исроил томонидан Шимолий Ғазога уюштирилган ҳужум оқибатида 50 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ғазо расмий манбаларига таяниб Anadolu агентлиги хабар берди.

Фуқаролик мудофааси жума куни берган баёнотида Шимолий Ғазодаги Жабалия ал-Балад ҳудудида тўрт қаватли уйга қилинган авиазарбадан сўнг тасдиқланган қурбонлар ва бедарак йўқолганлар сони 50 нафардан ошганини маълум қилди.

Пайшанба оқшомида, ҳужумга алоқадор дастлабки хабарларда, Дардуна оиласининг уйи нишонга олинган ва 6 киши ҳалок бўлгани айтилган

Қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, ҳодиса жойи «даҳшатли қирғин»ни эслатади. Улар тўрт кишининг жасадини топган ва яна олти кишини вайроналар остидан қутқаришга муваффақ бўлган. Шунга қарамай, тўрт қаватли бинонинг харобалари остида 50 дан ортиқ одам қолиб кетган бўлиши мумкин.

Фуқаролик мудофааси оғир техникалар етишмаслиги туфайли қутқарув ишларининг бутунлай тўхтатилганини маълум қилди. Шу сабабли, харобалар остидаги инсонларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўтган тўққиз кун ичида Ғазода ҳалок бўлганлар сони 500 нафардан ошгани ҳақида хабар бергандик.

Жаҳон