Самарқанддa жанжал оқибатида ўқувчи вафот этди
Самарқанд вилояти Пахтачи туманида мактаб ўқувчилари ўртасидаги муштлашув оқибатида 11-синф ўқувчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Milliy телеканалида хабар берилди.
Ички ишлар органлари маълумотига кўра, можаро 14 май куни тумандаги 1-мактабнинг 3 нафар ва 12-мактабнинг 2 нафар ўқувчилари ўртасида Instagram’даги ҳақоратли ёзишмалар туфайли келиб чиққан. Низонинг давоми сифатида улар учрашган ва жанжал муштлашувга айланиб кетган.
Воқеа жойига етиб борган тез тиббий ёрдам ходимлари ўқувчининг биологик ўлимини қайд этган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Мактаб ўқувчилари гумонланувчи сифатида ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.