Фарғонада халқаро террористик ташкилотига қошилмоқчи бўлган шахс 6 йилга қамалди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида, халқаро террористик ташкилот сафига қўшилишга ҳайриҳох бўлган фуқаро жазога тортилди. Бу ҳақда Ҳафсизлик ҳизмати ҳабар бермоқда.
Аниқланишича, Қўқон шаҳрида яшовчи шахс 2021 йилда «Telegram» мессенжерида канал яратиб, унга ақидапарастлик ғоялари билан тўлдирилган материалларни жойлаб, каналнинг 9 нафар обуначисига тарқатган.
Бундан ташқари у «Instagram» ижтимоий тармоғида хозирги кунда Сурия давлатида фаолият олиб бораётган «Тавхид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилотининг инструктур ва медиа тарғиботчиси билан боғланиб, унинг даъватлари таъсирига тушган.
Сўнгра, Сурия давлатига жиҳод қилиш учун нима қилиш кераклиги тўғрисида ўзаро аудио ва хабар орқали ёзишмалар олиб бориб, ХТТ сафига қўшилишга ҳайрихоҳлик билдирган.
Ушбу шахс яқин танишлари ва ўзининг синфдошлари орасида «жамоат» шакллантириб, уларни Сурия ҳудудига «ҳижрат» қилиб, террорчи гуруҳлар қаторига қўшилишга даъват қилади, — дейилади хабарда.
Шундан сўнг, ДХХ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида унинг ноқонуний ҳаракатлари тўхтатиб қолинади.
Натижада, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 244 прим 1-моддаси 3-қисми «г» банди, 244 прим 2-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.