Пўлат Бобожонов президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимини тарк этди
Президент Администрацияси тузилмасини мақбуллаштириш ишлари доирасида президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси лавозими ва унинг бўлинмаси тугатилди

Пўлат Раззақович Бобожонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон президентининг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Тегишли ўзгаришлар Ўзбекистон президентининг фармони билан амалга оширилди.
Президент Администрацияси тузилмасини мақбуллаштириш ишлари доирасида:
• Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар бўйича маслаҳатчиси лавозими ва унинг бўлинмаси тугатилди;
• давлат мукофотлари ва гералдика соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Комплаенс хизматининг қўшимча фаолият йўналиши;
• маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмасининг қўшимча фаолият йўналиши этиб белгиланди.





